Пятница, 29.03.2024, 10:09
VOY.TARONA.NET zamonaviy portal
| RSS

Меню сайта
Категории раздела
SHOU-BIZNES [3]
KINO YANGILIKLARI [0]
PSIXOLOGIYA [0]
KLIP (TAS-IX) [3]
MP3 KO'CHIRIB OLISH [3]
QIZIQARLI MA'LUMOTLAR [1]
FUTBOL YANGILIKLARI [1]
MOBIL TELEFONLAR [0]
Мини-чат
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 125
Статистика
Главная » 2011 » Июль » 24 » Дурдек тишлар соҳибаси бўлишни истаганлар учун?
21:14
Дурдек тишлар соҳибаси бўлишни истаганлар учун?

Чиройли табассум атрофдагиларнинг эътиборини ўзига жалб қилади. Табассум янада жозибалироқ кўриниши учун эса тишлар ҳам оппоқ, дурдек терилган бўлса айни муддао. "Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деган мақол ҳақиқатга айланиб бўлган бир даврда тишларни дурдай териб, олмосдай ялтиратиш муаммо бўлмай қолган. Бу нафақат гўзаллик, балки саломатлик учун ҳам муҳим. Ахир, айтишадику, "тишинг соғлом, ичинг саломат”, деб.

Дунё аҳолисининг фақат 10 фоизигина дурдек терилган, оппоқ тишларга эга экан.

Замонавий ортодонтия ёрдамида тишлардаги нотўғри тишламни (прикус) ҳар қандай ёшда тўғирлаш, стоматология ёрдамида эса тиш эмалига зарар етказмасдан уларни оқартириб, тошлардан тозалаш мумкин.

Шаҳар стоматологик марказларига мурожаат қилганимизда, кўрсатилаётган хизмат нархлари турли-туман эканлигига амин бўлдик. Малакали шифокор топиш билан бирга у кўрсатадиган хизмат нархлари борасида ҳам сўраб-суриштириш зиён қилмайди. Чунки аксарият клиникаларда кўрсатиладиган хизмат ва ишлатиладиган воситалар бир хил бўлишига қарамасдан нарх-наво деярли 2-3 баробар фарқ қилиши мумкин экан.

Тишда тошга нима гап бор?

Тишда вақт ўтиши билан турли қорайишлар (тиш тошлари) пайдо бўлади. Улар нафақат тишларнинг ташқи кўринишини кўримсизлаштиради, балки тишга ҳам зарар етказади. Бу тиш тошлари оқибатида юзага келган қорайишларни йўқотиш учун тошларни тозалаш муолажаси амалга оширилади. Бунинг бир неча услуби мавжуд.

Ультратовуш услуби

Махсус ультратовуш мосламаси ёрдамида тиш ва милк остидаги тошлар тозаланади. Жараён мижоз учун оғриқсиз кечади, кўп вақт талаб қилмайди ва бошқа услубларга нисбатан хавфсиз. Салбий тарафларидан бири муолажадан сўнг тишнинг устки қатламини силлиқлаш зарур.

Ҳомиладор аёлларга тиш тошларини ультратовуш ёрдамида тозалаш тавсия этилмайди.

Мижозга ультратовуш ёрдамида тиш тошларини тозалаш маън қилинган айрим ҳолларда уларни механик тозалаш билан чекланилгани маъқул.

Механик услуб

Кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган бу услубнинг салбий жиҳати шундаки, у мижоз учун ёқимсиз ва бироз оғриқли ҳисболанади. Шифокор махсус чўтка ва мосламалар ёрдамида тиш, милк остидаги тошларни тозалайди.

Пуркагич услуби

Бунда тиббий суюқлик махсус мослама ёрдамида юқори босимда тишга йўналтирилади ва тошлардан тозаланади. Бу услубнинг яхши тарафларидан бири, тиш эмалига зарари жуда кам.

Тишни тошларидан тозалаш услубларининг барчасининг нархи деярли бир хил: 45.000 сўмдан 50.000 сўмга қадар.

Тишининг оқини кўрсатса арзигулик…

Вақт ўтиши билан чой, қаҳва таъсирини остида тишларнинг ранги сарғая бошлайди. Ёки тишларнинг ранги табиатан оппоқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда тишларни сунъий равишда оқартириш зиён қилмайди.

Лазер услубида оқартириш – милкка махсус муҳофаза қилувчи восита, тишларга эса кимёвий суртмалар суртилиб, лазер мосламаси ёрдамида оқартирилади. Тишнинг оқартирилиш даражаси мижознинг истагидан келиб чиқиб танланади. Чунки тиш оқлигининг ҳам бир неча босқичи мавжуд.

Натижа 6 ойдан 5 йилга қадар сақланиши мумкин.

Салбий тарафларидан бири, тишларда пломба ёки тиш қопламаси бўлса, муолажадан кейин уларни алмаштиришга тўғри келади. Фақат тишлар оқаргани боис, пломба ёки тиш қопламаси тишларга нисбатан сарғайиб туради. Бу услубни оғиз бўшлиғидаги барча тишлар учун қўлланилмайди. Фақат олд қисмдаги: 10 дона юқори ва 10 дона пастки тишлар оқартирилади.

Ҳомиладор ва эмизувчи аёлларга бу муолажа тавсия қилинмайди. Тишлар лазер услубидан оқартирилгандан сўнг тиш эмалини мустаҳкамлаш учун 5‑10 марта фторланади.

Лазер услубида тиш оқартиришнинг нархи 1.027.800 сўм ва ундан юқори.

БРЕКЕТЛАР

Брекет (қавс маъносини билдиради) тишларнинг нотўғри жойлашишини тўғирлаш учун тақиладиган кичик қулфчалар қаторини эслатувчи темир мослама бўлиб, у стоматологик елим ёрдамида тишларга ички ёки устки тарафдан ёпиштирилади. Ёй кўринишидаги брекетлар тишдаги қийшиқликни, тиш орасидаги очиқликларни тўғирлаш учун қўлланади. Бу фақат косметик муолажа бўлиб қолмай, тишлар саломатлиги учун ҳам муҳим ҳисобланади. Тишдаги эгриликлар оқибатида овқат нотўғри тишланади ва чайналади, бу эса юз суягида ўзига хос ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Брекетларни ҳар қандай ёшда ҳам қўйиш мумкин. Шаҳар клиникаларида аксарият икки турдаги, темир ва керамик брекетлар қўйиш хизмати кўрсатилади.

ТЕМИР БРЕКЕТ

Брекетларни тиш ҳолатидан келиб чиқиб бир неча ойдан икки йилгача тақиб юриш лозим бўлади. Ва бу вақт ичида деярли ҳар ойда стоматолог ёки ортодонт шифокор ҳузурига бориб, брекетларни торттириб, кузатиб туриш керак.

Брекетлар қўйилган биринчи ҳафтада киши ноқулайлик ва енгил оғриқ, гапиришда бироз қийинчилик ҳам сезади. Ундан ташқари, тишларни ҳар гал овқатдан сўнг тозалаб туриш, парваришлаш ва шифокор тавсияларига амал қилиш зарур бўлади. Акс ҳолда, керакли натижага эриша олмайсиз.

Темир брекетларнинг яна бир салбий тарафи шундаки, ҳамма ҳам тишларида темир мослама тақишни истамайди. Бундай ҳолда брекетни тишнинг ички тарафидан тақса ҳам бўлади. Ёки мижозга унинг ўрнига пластмасс ва керамик брекетлар тавсия қилинади. Аммо айтиб ўтиш лозимки, керамик брекетларнинг нархи темир брекетларга нисбатан икки баробар қиммат.

Брекет ўрнатишнинг шаҳар стоматогик клиникаларидаги ўртача нархи 300.000 сўмдан бошланади. Нархлар тишнинг ҳолати ва ишлатиладиган воситаларнинг қийматига кўра ўзгариши мумкин.

КЕРАМИК БРЕКЕТЛАР

Керамик брекетлар тишнинг ранги билан сингишиб кетгани сабабидан, темир брекет каби кўзга ташланмайди. Аммо керамик брекетларни темир брекетга нисбатан узоқроқ муддат тақиб юришга тўғри келади. Бошқа брекетлар тақилганда қўйиладиган баъзи таомлар истеъмолидан тийилиш талаби бунда ҳам амал қилади. Ҳар овқатдан сўнг оғиз бўшлиғини тозалаш ҳам истисно эмас.

Брекетларнинг керамик турини баъзида "инжиқ” ҳам дейишар экан. Бунинг сабаби, керамик брекетларда синиб қолиш хавфи катта, шунинг учун эҳтиёт бўлиш зарур. Керамик брекетлар ўрнатиш нархи ўртача 600.000 сўм ва ундан юқори. Нархлар тишнинг ҳолати ва ишлатиладиган воситаларнинг қийматига кўра ўзгариши мумкин.

Винирлар нима ўзи?

Фильмлардаги актёрларнинг табассумлари, уларнинг оппоқ тишларига қараб табиатнинг санъатига қойил қоласан киши. Замонавий тиббиётни кўп тараннум этишни истамасак‑да, аммо ҳозирги кунга келиб бундай чиройли тишларга эга бўлиш табиатнинг эмас, кўпроқ тиббиётнинг мўъжизаси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Фақат "голливуд табассуми” соҳибаси бўлиш яхшигина харажат талаб қилишини ҳам айтиб ўтиш керак. Шу билан бирга тишга винир қўйиш фақат косметик тадбир ҳисобланади ва ҳеч қандай тиббий муолажа сифатида қўлланилмайди.

Юпқа фарфордан тайёрланган пластинкалар тишнинг устки қаватига қолип қилиб ёпиштирилади. Винирлар тиш синган ҳолларда ёки тишнинг шаклини катталлаштириш ва тишдаги турли нуқсонларни беркитишда ишлатилади. Улар мижознинг истак ва хоҳишидан келиб чиққиб, тишнинг рангига мос равишда тайёрланади. Хизмат қилиш муддати – бир умрга етади. Аммо бундай қолипли тишларга айрича парвариш лозим. Чой ва қаҳва истеъмолини камайтириш керак, шунингдек қаттиқ нарсаларни тишлашда эҳтиёт бўлиш лозим. Яъни винир қолипли тишлар ҳеч қачон ўз тишларингиз каби бўла олмайди.

Тишларга винир тақтиришнинг нархи бир дона тиш учун 428.250 сўм ва ундан юқори.

Мадина ЛУҚМОНОВА

Мақола врач‑стоматолог Ибрагимова Элеонора Владеровна тавсиялари асосида тайёрланди.

 

 

 

Категория: QIZIQARLI MA'LUMOTLAR | Просмотров: 5216 | Добавил: madina | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]

Поиск
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz